МАЪРИФАТ БОҒИНИНГ БОҒБОНЛАРИ

1 640

Ҳар бир кишининг юрагида устоз, муаллим номини чуқур эъзоз билан сақланади. Улар барчамизнинг қалбимизни эзгулик зиёси билан нурафшон этишган. Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида она-Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини шакллантириш, билимлар оламига ошно этишда меҳрибон устозлар, фидойи мураббийлар, ғамхўр ўқитувчиларнинг хизмати беқиёсдир.
Муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккуримиз муҳандислари ва маърифат боҚининг боғбонларидир. Ана шундай маърифат боғбонларидан бири Элнора Каримовадир.
Устоз 1973 йилда Жийда қишлоғида колхозчи оиласида таваллуд топди. Устоз 1993 йилда Қарши Давлат педагогика университетини тамомлаб, азиз ва жонкуяр устозлари ёнига, яъни ўзи таҳсил олган 58-мактабда математика ўқитувчиси бўлиб фаолият бошлади.
Элнора Каримованинг иш фаолияти даврида ўқувчилари туман, вилоят ва республика олимпиадаларида иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллашган. Ўз касбини севиши, ўз устида мунтазам ишлаши, ўқувчиларга чуқур билим бериши, жонкуярлиги билан ўқитувчилар жамоаси, ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида хурматга сазовор бўлган. Унинг иқтидорли ўқувчиларидан Элмурод Сафаров, Қувонч Қурбоновлар ҳам 58-мактабда математика фанидан дарс бериб келмоқдалар. Устоз турмуш ўртоғи Шерман Эшқувватов билан 3 нафар фарзандни тарбиялаб, юрт корига ярайдиган инсонлар этиб вояга етказишди.
Устозларнинг айтган ҳар сўзи, берган ўгити бутун умр бизга ҳамроҳ бўлиб, ҳаёт йўлларимизни қуёш мисол нурафшон этиб туради. Имом Ғаззолий таъкидлаганидек, “Таълим олиб, унга амал қилиб, сўнг уни бошқаларга ўргатган киши осмонлар қадар буюклик мақомига эришади. Зеро, у худди қуёшга ўхшайди: бошқаларга ҳам зиё улашади, ўзи ҳам порлоқдир”.
Яқинлашиб келаётган 1 октябрь-Ўқитувчи ва мураббийлар куни тажрибали ва меҳрибон устозларга муборак бўлсин!

Leave A Reply

Your email address will not be published.