ФАН ОСМОНИДАГИ ЁРУҒ ЮЛДУЗ

1 518

Америка Қўшма Штатларида дунёда ноёб биография институти фаолият кўрсатади. Институт томонидан журнал ҳам нашр этилади. Халқаро фахрий китоб мақомидаги журнал саҳифаларида жаҳон фани ривожига ҳисса қўшган олимлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Унга машҳур ўзбек олими, яккабоғлик академик Асқар Ғаниевич Холмуродов номи ҳам киритилган.
Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ Асқарнинг биологияга айрича меҳри бор эди. Шунинг учун ўрта мактабни битириб, Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) биология-тупроқшунослик факультетига ўқишга кирди. Беш йил давомида Теша Зоҳидов, Ёлқин Тўрақулов, Аҳрор Тўлаганов каби таниқли педагог-олимлардан таълим олди. Факультет раҳбарияти университетни муваффақиятли тугатган қобилиятли бу талабани аспирантурада ўқишга тавсия қилди. 1961 йилда Украина Фанлар академиясининг биокимё институтига қарашли академик Ростислав Чаговец раҳбарлик қилаётган витаминлар биокимёси лабораторияси аспирантлигига қабул қилинди.
Асқар Холмуродов ўша даврдан бошлаб, микроорганизмларни миллион марта катталаштириб кўрсата оладиган микроскоп билан ҳамроҳ бўлди, шу кўринмас олам сирларини ўрганишга жиддий киришди. Рус ва инглиз тилларини яхши билгани учун ўқишда қийналмади. Кўп ўтмай, “биология фанлари номзоди” илмий даражасига эришиш учун илмий-тадқиқот ишларига киришди. 25 ёшида илмий ишини якунлаб, фан номзоди бўлди ва Ўзбекистонга 1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин оилавий шароитидан келиб чиқиб (у украин қизи Людмила Швачкога уйланган, Алишер исмли ўғли бор эди), ўша йилнинг кузида Киевга қайтиб кетишга мажбур бўлди. Уни олимлик йўлига бошлаган қадрдон илм даргоҳи – Украина Фанлар академиясининг Александр Палладин номидаги биокимё институтидир.
Ўзбек олимининг микробиология ва биотехнология соҳасидаги фаолиятига қизиқиб қолган исроиллик ҳамкасблари унга ҳамкорлик таклиф этишди.
Асқар Холмуродов Украинада узоқ йиллар яшаб, қадрдон институти, аҳил олимлар жамоаси билан бир оила фарзандидек бўлиб қолганига қарамай, ўз юртига қайтиб, Ўзбекистон фанини ривожлантиришга хизмат қилишни орзу қиларди. Ниҳоят, унга Тошкентдан Ўзбекистонда ишлаш таклифи келди. Бу таклифни хурсандчилик билан қабул қилган олим 1985 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти директори этиб тайинланди. Мазкур илмий-тадқиқот институти унинг раҳбарлиги даврида илмий жиҳатдан бутунлай янгиланиб, тез орада илмий ишлар ва биокимё соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича собиқ иттифоқда олдинги ўринга чиқиб олди.
Умуман, Асқар Холмуродов бошқарган институтнинг 20 дан ортиқ илмий ишланмалари юксак иқтисодий ва ижтимоий самара бериб, республика озиқ-овқат саноати, пахтачилик, ем-хашак ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш соҳаларига татбиқ этилди. 1987 йилда Асқар Холмуродов Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1988 йил октябрида Фанлар академиясининг Бош илмий котиби этиб сайланди. Бир йил ўтиб, академиянинг ҳақиқий аъзолигига сайланган олим “академик” илмий даражасига сазовор бўлди. Истиқлол йилларида илм-фан ривожига сезиларли улуш қўшди.

Leave A Reply

Your email address will not be published.