ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ ЎҚИШНИ ЎРГАТИНГ!

628

Бугун қайси хонадонга кирманг, камида иккитадан телевизор бор. Аммо камдан-кам оилаларда китобларни кўрасиз. Улар ҳам бир четда мунғайиб туради.
Борди-ю, уй соҳибларидан ушбу китобларни ўқиган, ўқимаганликлари ҳақида сўрасангиз, “китоб ўқишга вақт йўқ”, дейишлари аниқ. Тинмай гап-гаштакларда, тўйларда 2-3 кунлаб юришади, эртадан кечгача телевизор қаршисидан кетишмайди. Керак, нокерак кўрсатув ва кинофильмларни томоша қилишади. Аммо китоб ўқишга вақт топиша олмайди. Аниқроғи, бунга ўзларида хоҳиш, қизиқиш бўлмайди.
Қадимда момоларимиз бўлажак она китоб ўқишга, шеър ва қиссалар мутолаа қилишга қизиқса, фарзанди ўқимишли, олим бўлади ёки чиройли нарсаларга, гулларга ихлосманд бўлса, ўткир дидли бола туғилади, деб башорат қилганлар.
Бола дастлабки ҳаётий тасаввурларни ўз ота-онасидан, оиласидан, атрофдагилардан оларкан, биз ҳар бир ҳатти-ҳаракатимиз билан ўрнак бўлишимиз, боланинг ўзига тўғри йўл танлашида кўмаклашишимиз керак. Кундалик юмушлардан ортиб китоб ўқишга вақт топайлик. Бизнинг қўлимизда китоб кўрган фарзандимизда ҳам китобга қизиқиш бўлади, албатта. Ўқишдан бўш вақтларида китоб мутолаа қилган боланинг дунёқараши кенг, имон-эътиқоди бутун, эл-юртга, Ватанга садоқатли ва албатта маънавиятли инсон бўлиб улғаяди.
Бир комил инсон: – “Китоб ўқиган инсонларнинг қалбида барчага эзгулик улашувчи фаришталар бўлади”, деб ёзган экан. Фарзандларингизнинг қалбида ҳам ана шундай фаришталар бўлишини хоҳласангиз, китоб ўқишга ўргатинг.

Leave A Reply

Your email address will not be published.